Ўзбекистон Статистика агентлиги индексни ЮНЕСКО номоддий маданий мероси объекти деб тан олинган ушбу таомнинг бир порцияси ёки килограмми нархидан келиб чиқиб ҳисоблайди. Палов бутун Марказий Осиё халқларининг севимли овқатларидан бири бўлгани сабабли, Озодлик Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда ҳам Pilav Indexi тузиладиган бўлса, у қанча чиқиши ва қайси республикага “палов-саёҳат” қилган фойдалироқ бўлиши мумкинлиги билан қизиқди.
“Палов индекси” мол гўшти, ўсимлик ёғи ва сабзавотлар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларидаги ўзгаришларни кузатиш имконини беради. Ўзбекистонда ушбу индекс фақат шу таомни пиширишга ихтисослашган “Ош марказлари”даги нархларга кўра ҳисобланади.
Энг қиммат палов – Тошкент палови
13 вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича “Палов рейтинги” тузиладиган Ўзбекистонда ушбу иқтисодий индикатор, доимгидек, пойтахтда энг юқори бўлади. Давстатқўм маълумотига кўра, 2024 йилнинг декабрида пойтахтда бир порция ошнинг ўртача баҳоси 35 минг 744 сўм ёки тахминан 2,77 долларга етган. Бир йил олдинги нарх 29 минг 667 сўм ёки, ўша пайтдаги курс бўйича 2,4 доллар бўлган.
Бир йил аввал бўлгани каби, энг арзон палов Наманган вилоятида қайд этилган: бир йил ичида таомнинг бир порцияси нархи 20 минг сўмдан 22 минг 201 сўмга (1,77 доллар) ошибди, холос.
Демак, 10 доллар пулга Тошкентда тахминан 3,5 порция, Наманганда эса қарийб 6 порция ош сотиб олиш мумкин. Дарвоқе, аксар ошхоналарда паловга қўшиб бепул оби нон, чой ва Марказий Осиё ошхўрлик маданиятининг ажралмас қисми бўлмиш анъанавий салат – шакароб ҳам беришади.
Тошкент телеминораси тагида жойлашган машҳур Besh Qozon ош маркази ошпазларидан бири айтишича, ўтган йил давомида таом нархида катта ўзгариш бўлмаган.
“Ҳозирги кунда бир порция ош 38 минг сўм туради. Бултур шу пайтлар 34 минг сўм эди. Масаллиқлар баҳоси ҳам деярли ўзгармади”, дейди у.
Besh Qozon номи ўзига мос: бу ерда ошни, ростдан ҳам, саноат кўламида пиширишади – қозонлар 500 килогача тайёр овқатни сиғдиради, менюда эса паловнинг нархи бир хил бўлгани ҳолда айрим масаллиқлари билан фарқ қиладиган бир неча тури мавжуд.
Ғаройиб таркиблар ва қутига солинган палов
Қозоғистонда махсус ош марказлари йўқ, лекин “Лағмон ва ош маркази” ёки “Палов ва кабоб маркази” деб номланган умумий овқатланиш шохобчалари учраб туради.
Паловнинг порцияси 1700 тангадан бошланади – бу тахминан 3,24 доллар. Лекин, агар замбуруғ, анор, ананас ёки ялпиз қўшилган экзотик хилидан тановул қиламан десангиз 2000-2500 танга (3,82-4,77 доллар) ва кўпроқ харж қилишингиз керак.
Қозоғистон пойтахтида ва энг йирик шаҳри Олмаотада 10 долларга 2-3 порция палов беради. Паловни қутиларда ҳам сотишади – бунақа формат шаҳарларда кенг тарқалган, аммо хўрандалар уни фаст-фуд тоифасига киритадилар, бу икки хил палов хусусидаги фикрлар ҳам бир-биридан кескин фарқланади.
Яқин орада Қозоғистонда ош нархи кўтарилиши мумкин. Палов етказиб берувчи сервислардан бирининг соҳиби Озодлик билан суҳбатда бу айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ва коммунал хизматлар қимматлашаётгани билан боғлиқлигини айтди.
“Ҳозирча эски нархларни ушлаб турибмиз: бир кило палов 3800-6000 танга (7,16-11,36 доллар). Нархлар ошгач, хўрандалар камайса ажаб эмас. Ҳозир ҳам камайгану лекин бу мавсумий ҳолат, январда ҳар йили бир оз сусайиш кузатилади”, дейди суҳбатдошимиз.
Жанубда – ҳам арзон, ҳам мазалироқ
Қирғизистон пойтахтида фақат палов пишириладиган бир қанча ошхона бор. Бу ерда таомни майда порциялаб эмас, килолаб сотиб олишга одатланишган.
Бишкек кафе ва ресторанларида бир товоқ ош тахминан 250-300 сомга тушади, бу ҳозирги курс бўйича 2,87-3,45 долларга тенг.
Қирғизистоннинг жанубий пойтахти, Фарғона водийсининг қоқ юраги бўлмиш Ўш шаҳрида бир оз арзонроқ. Айтишларича, Қирғизистонда энг мазали палов ҳам шу ерда эмиш. Ўшнинг ўртача нарх сегментидаги исталган ошхонасидан 200 сом ёки 2,30 долларга бир порция палов олиб ейиш мумкин.
Демак, Қирғизистонда 10 доллар 3-4 порция палов сотиб олишга етади. Ўзбекистондаги каби, ошхоналар таом ёнига бепул чой ва хўришлар – салат ва бўғирсоқ қўшиб беради.
Мамлакат жанубида тўйларда паловни махсус таклиф қилинган ошпазлар пиширишади.
Шунақа ошпазлардан бири – Боткен вилоятилик Дилмурод сўнгги йилларда палов масаллиқлари қимматлашгани яққол сезилаётганини айтади.
“Озиқ-овқат маҳсулотлари, туздан тортиб гўштгача 2-4 баравар ошди. Мен паловга 3-4 йил олдинги, яъни эски гуруч соламан, шунда мазалироқ бўлади. Илгари уни килосини 180 сом (2,06 доллар) баҳода олган бўлсам, ҳозир 400 сом (4,57 доллар)га чиққан. Барча масаллиқларни тўйдан бир кун олдин тайёрлаб қўяман, чунки эрталаб 8 да ош тайёр бўлиши учун саҳар 3-4 дан ҳаракат қилиш керак. Тўй эгалари билан рўйхат тузаётганда рақамларни кўриб айримларнинг сочи тикка бўлиб кетяпти. Кичкина маросимлар 10-15 кило гуруч билан ҳам ўтади, аммо тўйларга тахминан 100-120 кило керак”, дейди ошпаз.
Лимонлар ва Душанбе палови
Тожикистон пойтахтида паловнинг турфа хилини топасиз – ўзбекистонлик ошпазлар пиширадиган тошкентча паловдан тортиб афғоний паловгача бор.
Баъзи ресторанларда сизга ушбу таомнинг бодом солиб пиширилган “Душанбе палови” деган хилини таклиф қилишади. Аксар палов-ҳаусларда таомга қўшиб лимон бўлакчалари ҳам тортилади.
Мамлакатнинг марказий қисмида палов учун одатда йирик гуруч навларини маъқул кўрадилар ва таомни кўпинча писта ва зиғир мойлари аралашмасида пиширадилар. Айрим ошхоналарда палов ёнига кичкина косаларда мол гўштли шўрва ҳам берилади.
Душанбеда паловнинг бир порцияси ўртача 40-50 сомоний (3,67-4,58 доллар)га тушади, яъни 10 долларга бу ерда 2-2,5 порция сотиб олиш мумкин.
Туркманистонда қанақа?
Ашхобод ресторанларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган маълумотларга таянадиган бўлсак, Туркманистон пойтахтида бир порция палов баҳоси, овқатланиш шохобчасининг тоифасига қараб, 15-30 манат (4,28-8,56 доллар)ни ташкил қилади.
Мамлакат ҳақида инглиз ва рус тилларида ахборот тарқатувчи Progres Оnline нашри 2020 йилдан бери ҳар йили мол гўшти, гуруч, ёғ, сабзи, пиёз ва ун нархларидан келиб чиқиб Palaw Index’ни ҳисобламоқда. Ун ҳам рўйхатга киритилгани сабаби шундаки, Туркманистонда деярли ҳар бир таом миллий нон маҳсулоти – чурек қўшиб тановул қилинади.
Ўтган йилнинг ноябрида нашр сабзи нархи кескин ошиб, гуруч эса, аксинча, анча арзонлашгани ҳақида хабар қилди. Натижада Palaw Index 4 кишилик оилага мўлжалланган катта порция 64,5 манат (ёки 18,41 доллар)ни ташкил этди.
Ушбу маълумотлар воқеликка қанчалик уйғунлигини билмаймиз. Туркманистон ҳануз дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири. Давлат иқтисодиётнинг катта қисмини назорат қилади, инфляция даражаси ва яшаш минимумига доир маълумотларни эълон қилмайди, “истеъмол саватчаси” деган тушунчани қўлламайди.
Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди туркман ҳукумати тақдим этган статистика маълумотларини таҳлиллар учун қабул қилмайди. Хусусан, ХВФ 2021 йилда бунақа маълумотлардан воз кечган.
Озодлик радиоси туркман хизматига кўра, мамлакатда бир неча йилдан бери озиқ-овқат тақчиллиги кузатилмоқда. Йил бошида нарх-наво кескин ошган, айрим вилоятларда – 2-3 бараварга.
Палов – иқтисодиёт кўзгуси сифатида
Битта таом нархи аҳоли фаровонлигининг тўлақонли индикатори бўла олмайди, албатта. Қолаверса, якуний нархга бошқа қатор омиллар, масалан, энергия баҳоси, иш ҳақлари миқдори, солиқ режими ва ҳоказолар ҳам таъсир этади.
Бироқ, йиғилган маълумотларга қараганда, бир хил суммага энг кўп паловни Ўзбекистон ва Қирғизистонда сотиб олиш мумкин, ошхўрлик энг қиммат бўлган мамлакатлар эса Қозоғистон ва Тожикистон бўлиб чиқяпти (ёпиқ мамлакат бўлгани сабабли, Туркманистондаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни баҳолаш имкони бўлмади).
“Палов индекси” анъанавий таркибни ҳисобга олади, унда қўшимчалар сифатида нўхат ва майиз ҳам бўлади. Шу билан бирга, Марказий Осиёнинг исталган ошхонасида паловга бедана тухуми, қази, аччиқ-чучук, беҳи, саримсоқ, дўлма ва бошқа нарсалар қўшиб берилиши мумкин.
Умуман, Numbeo сервисиинг яқинда янгиланган маълумотига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё шаҳарларидан энг юқори озиқ-овқат индекси (озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари) қайд этилгани Олмаота бўлган, кейинги ўринларни эса Бишкек ва Остона эгаллаган. Ўзбекистон пойтахти Тошкентда озиқ-овқат юқоридаги уч шаҳарга нисбатан арзонроқ.
Халқаро молия ташкилотлари 2025 йилда минтақа мамлакатларида инфляция нотекис ўсишини башорат қилмоқда.
Осиё тараққиёт банки баҳолашича, Қозоғистонда апрелга бориб инфляция 6,3 фоиз бўлиши мумкин ва бу ўтган йилнинг шу даврига қиёсан салкам 2 фоизга паст. Қирғизистонда кутилаётган инфляцияни банк +6,5 фоиз деб баҳоламоқда, бу ҳам ўтган йилгидан бир фоизга кам. Шунингдек, Ушбу кўрсаткич Тожикистонда – 6,5 фоиз (2024 йилнинг апрелида 6,5 фоиз бўлган)ни, Туркманистонда 8 фоизни (ўтган йилги билан бир хил) ташкил этиши башорат қилинмоқда. Ўзбекистонда эса инфляция ўтган йилнинг апрел ойидагидан 0,5 фоизга паст – 10 фоиз бўлиши тахмин қилинган.