Ҳусийлар 2023 йилда эгаллаб олинган кема командасини озод қилишди

Ҳусийлар томонидан 2023 йилда эгаллаб олинган "Гэлэкси Лидер" кемаси

Яман ҳудудининг бир қисмини назорат қилувчи “Ансоруллоҳ” (ҳусийлар) эронпараст гуруҳи 2023 ноябрида эгаллаб олинган “Гэлэкси Лидер” кемасида ишлаган денгизчилар озод қилинганини билдирди. Гуруҳ баёнотига мувофиқ, кема командасининг 25 нафар аъзоси Уммон воситачилигида озод қилинган. Улар орасида Украина, Филиппин, Болгария, Руминия ва Мексика фуқаролари бор.

Ҳусийлар Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) қарши амалиёт олиб бораётган Исроил билан курашиш мақсадида Исроилга алоқадор бўлган ёки бу мамлакатга кетаётган кемаларни эгаллаб олиши ёки чўктириши ҳақида эълон қилганларидан кейин кўп ўтмай Қизил денгизда “Гэлэкси Лидер” юк ташувчи кемасини эгаллаб олишган эди. Улар Багама ороллари байроғи остида сузиб юрувчи мазкур кема исроиллик миллиардер Абрахам Унгарга алоқадорлигини иддао қилишган. Кема вертолёт билан десант туширилганидан кейин ҳусийлар томонидан эгаллаб олинган ва ўшандан буён тутиб турилибди.

Ўшандан буён Яман соҳилларида жами юзга яқин тижорат кемаси ҳусийлар ҳужумига учраган. Шу туфайли дунёдаги йирик савдо ширкатлари ўз кемаларининг ҳаракат йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлишган. 20 январь куни ҳусийлар Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилгани муносабати билан бундан буён фақат Исроил кемаларини ҳадаф олиб, қолган кемаларга ҳужумни чеклашлари мумкинлигини билдиришган.