Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига расмий киришгани муносабати билан табриклади.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилишича, Мирзиёев ўз мактубида Трампнинг янги муддатдаги фаолияти давомида АҚШнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори, иқтисодий қудрати ва салоҳияти, глобал миқёсдаги ўрни ва аҳамияти янада ортишига ишонч билдирган.
Мактубда Тошкент Вашингтоннинг мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатини юқори баҳолаши ва алоҳида қадрлаши қайд этилган.
“Сизнинг биринчи президентлик даврингизда Ўзбекистон–АҚШ ўртасида янги даврдаги стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганини ва кўп қиррали алоқаларимиз юқори босқичга кўтарилганини истар эдим. Биз бундан кейин ҳам икки ва кўп томонлама платформалар доирасида узоқ муддатли ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз”, деган Ўзбекистон президенти қутлов мактубида.
Матбуот хизмати қайдича, Мирзиёев Трампни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.
Дональд Трамп 20 январдан АҚШнинг 47-президенти сифатида ваколатларини бажаришга киришди.
Ўзбекистоннинг 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида АҚШ билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга доир бир қатор вазифалар белгиланган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Лойиҳага мувофиқ, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги жорий йил якунига қадар Қўшма Штатлар янги маъмурияти вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиши ва олий даражадаги ташрифни ташкил этиши керак.
2024 йил 6 ноябрь куни Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклаган Мирзиёев уни “бой тажрибали ва моҳир сиёсатчи” деб таърифлаганди.