Ўзбекистонда киберхавфсизлик университети очилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Cyber university номли давлат олий таълим муассасаси ташкил этилади. Президент Шавкат Мирзиёев 20 январь куни имзолаган қарорда янги ОТМнинг вазифалари белгилаб берилган.

Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати қайдича, Cyber university ахборотни ҳимоялаш, ахборот ва киберхавфсизлик, рақамли технологиялар ва рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллектга асосланган автоматлаштирилган ахборот-таҳлилий тизимларни яратиш, робототехника ва бошқа турдош соҳалар бўйича кадрлар тайёрлайди.

Янги университетга рақамли технологиялар соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабалар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал, илмий ва амалий тадқиқотлар олиб бориш вазифалари ҳам юкланган.

Аввалроқ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов республикада рақамли маълумотлар хавфсизлиги ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс дастур қабул қилинганини асослар экан, ўн ой ичида 8 миллион киберҳужум аниқланганини маълум қилганди.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини қабул қилди. Унга мувофиқ, мамлакат келгуси олти йил ичида сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказмоқчи.