Россия томонида Украинага қарши курашган Ўзбекистон фуқаросининг жазоси енгиллаштирилди.
Gazeta.uz нашрининг суд ҳужжатларини ўрганган ҳолда ёзишича, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани суди 2024 йил 31 октябрида ушбу шахсни Жиноят кодексининг 154- (ёлланиш) ва 223-моддалари (Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини ёриб ўтиш йўли билан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан айбдор деб топган. Унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аниқланишича, 2024 йил февралда мавсумий ишлаш учун Бухородан Санкт-Петербургга борган судланувчи Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ва рус қуролли кучларида бир йил давомида пул мукофоти эвазига ҳарбий хизмат ўташ мажбуриятини олган.
Ўн бир кунлик ҳарбий тайёргарликдан кейин эркак 2024 йил 28 март куни тан олинмаган Донецк Халқ Республикасининг Новомихайловка қишлоғидаги жанговар ҳудудга жўнатилган. 31 март куни бўлиб ўтган жангларда у дрон портлаши оқибатида яраланган ва Россиянинг Волгоград вилоятидаги ҳарбий госпиталга даволаниш учун олиб кетилган.
Айбланувчи 12 июль куни Ўзбекистонга қайтиб келган ва ўз ихтиёри билан ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармасига иқрорлик билан мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти суди апелляция инстанцияси эркакка тайинланган жазони қайта кўриб чиққан ва 6 йил қамоқни икки йиллик синов муддатига алмаштирган. Апелляция инстанцияси судланувчининг соғлиғи (онкологик касаллик ва жароҳатлар), муқаддам судланмагани, айбига иқрорлиги, жиноятни очишдаги ёрдами, шунингдек, унинг оилавий аҳволи (ягона боқувчи, вояга етмаган болалари бор) каби омилларни ҳисобга олгани айтилмоқда.
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Украина урушида қатнашган ўзбекистонликларга енгил жазо тайинланаётгани хусусидаги муҳокамаларни кузатиш мумкин.
Озодлик аввалроқ жанговар ҳаракатлар мобайнида ўндан ортиқ украиналик ҳарбийни ўлдирган 39 ёшли Т.А.га 4 йилу 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида хабар қилган эди.