Ўзбекистон хабарлари
Фирибгарликда гумонланган ўзбекистонлик икки эркак Туркиядан депортация қилинди
Фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб 2019 йилдан буён қидирувда бўлган 47 ёшли Атабек Абдуллаев 12 сентябрь куни Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумот тарқатди.
Абдуллаев Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганини қайд этган ўзбек дипломатлари ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВ ва унинг қуйи тизимларига мурожаат қилишни сўраган.
Ўнинчи сентябрь куни ҳам Бош консулхона фирибгарликда айбланаётган 32 ёшли Дониёржон Муқимжонов Туркиядан Тошкентга бадарға қилингани ҳақида маълум қилган эди.
Дипломатлар қайдича, Истанбул шаҳрида қўлга олинган бу шахс 2022-2023 йилларда ишончга кириш йўли билан ўзгаларнинг умумий ҳисобда қарийб 60 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўллари билан ўзлаштирганликда айбланиб, 2023 йилдан буён қидирувда бўлган.
Бу шахс хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан ҳам Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВ тизимларига мурожаат қилиш сўралган.
Кун янгиликлари
Мансабдорлар етказган зарар 3,6 триллион сўмга етди
2024 йилда мансаб суиистеъмоллиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар 3,61 триллион сўмга етди.
Бош прокуратура матбуот хизмати эълон қилган рақамларга кўра, мансабдорлар томонидан етказилган зарар миқдори 2023 йилга (1,55 триллион сўм) нисбатан бир йилда 2,3 баробар ортган.
Дастлабки тергов давомида 2 триллион 343 миллиард сўм (2023 йилда 1,31 триллион сўм) ундирилган. 2024 йилда қопланган зарар улуши (65 фоиз) 2023 йилга (84,7 фоиз) қараганда камроқ.
Ўтган йил мобайнида мамлакат бўйича 4906 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Шу тариқа жиноятга қўл урган амалдорлар 37,2 фоиз кўпайган.
Жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 71 нафари вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг республика бошқармалари, 410 нафари вилоят ва 4425 нафари туман-шаҳар идоралари вакилларидир.
Мансабдорлар ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш (2929 та), пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш (353), фирибгарлик (447), мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (226), мансаб сохтакорлиги (13), мансабга совуққонлик билан қараш (40), мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (13) каби жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.
Бир муддат олдин Коррупция қарши курашиш агентлиги мамлакатда 2024 йилда жами 6898 нафар шахс томонидан 5716 та коррупцияга оид жиноят содир этилганини билдирганди.
“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза”да аввал қайд этилганидек, 2023 йилда республика бўйича 6535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликка тортилган эди. Ушбу ҳуқуқбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,4 триллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича яна аксилрекорд қайд этди
Тошкент шаҳри жорий йилнинг 28 январь куни ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича дунёдаги йирик шаҳарлар орасида яна биринчи ўринга чиқди.
Маҳаллий нашрларнинг IQAir портали таҳлилларига таянган ҳолда хабар қилишларича, cоат 14:23 ҳолатига кўра, Тошкент ҳавосида майда PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 206 мкг/м³ ни ташкил этган. Бу ЖССТ томонидан тавсия этилган ўртача ҳаво сифати кўрсаткичидан 41,2 бараварга кўп.
Бундай об-ҳаво шароитида аҳолидан зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик, сурункали нафас олиш йўллари касалликларига чалинган фуқаролар тиббий ниқоблардан фойдаланиши тавсия қилинади.
IQAir кўрсаткичи 100 дан юқори бўлса, саломатлик учун зарарли, 200 дан юқори бўлса, жуда зарарли деб баҳоланади.
Ўзбекистон пойтахтида ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича аксилрекорд бир йил аввал ҳам қайд этилганди.
IQAir порталига кўра, 2024 йилнинг 21 февраль куни Тошкент ҳавосида PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 171 мкг/м3 ни ташкил этган. Жаҳон банки ҳисоботига мувофиқ, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади.
Аввалроқ Ўзбекистон Экологик партияси Бош прокуратурадан Тошкентда атмосфера ҳавоси ифлосланиши юзасидан тезкор чора кўришни сўраганди. БП ушбу сўровга жавобан қандай чора кўргани маълум эмас.
МБ валюта курси кескин тебранишига “асос кўрмаяпти”
2025 йилда номинал валюта курсида кескин ўзгариш бўлиши кутилмаяпти. Бу масаласига Марказий банк раиси Тимур Ишметов Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўхталган.
“Бу йил ҳам девальвация даражаси катта ўзгаришига таъсир қилувчи омиллар йўқ деб ҳисоблаяпмиз. Валюта курси кескин тебранишига асос кўрмаяпмиз. Албатта, бу ички валюта бозорига валютани кириб келиши ва чиқиши орасидаги талаб ва таклиф асосида шаклланади”, дея иқтибос келтирган МБ раиси сўзларидан Daryo.uz нашри.
Регулятор раҳбарига кўра, 2024 йилда сўм долларга нисбатан 4,7 фоиз қадрсизланган.
“Ўтган йили трансчегаравий пул тушумлари 30 фоиз ошган. Экспорт яхши ўсган, яъни олтинсиз ҳам 16 фоизга ошди. Валюта тушумлари кўпроқ бўлган. 2025 йилга ҳам бундан ёмон бўлишига прогнозлар йўқ. Валюта тушумлари ижобий бўлишига прогноз кўпроқ”, деган Тимур Ишметов.
Расмий таҳлилларга қараганда, сўм АҚШ валютасига нисбатан 2022 йилда 3,94 фоизга, 2023 йилда эса 9,7 фоизга заифлашган.
МБ аввалроқ 2024 йилда Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари 14,8 миллиард долларни ташкил қилганини билдирган эди.
Қизини калтаклаб ўлдирган ота тўққиз йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди 11 ёшли қизини калтаклаб ўлдирган эркакка 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Судланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандида (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши) кўрсатилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган.
“Миллий” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Миллар” дастурининг хабар қилишича, қотиллик 2024 йилнинг октябрида Андижон вилояти Марҳамат туманида содир бўлган.
Воқеа тафсилотларига кўра, 6-синф ўқувчиси бўлган қиз мактаб буфетидан сўроқсиз егулик олиб еган. Бу ҳолат бир неча марта такрорлангани ортидан мактаб ўқитувчиси қизнинг устидан отасига шикоят қилган. Бундан дарғазаб бўлган ота қизини жазолаш мақсадида унинг қўл-оёғини арқон билан боғлаб қўйиб, камар билан аёвсиз калтаклаган. Қиз олган жароҳатлари сабаб вафот этган.
Бир неча ҳафта муқаддам Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида онаси томонидан аёвсиз калтаклаган 4 яшар қизча вафот этганди.
Аввалроқ болалар уйлари ва тутинган оилаларда тарбияланаётган 1,5 мингдан зиёд бола “зўравонлик содир этиш хавфи юқори ҳисобланган тоифа”да қолаётгани билдирилганди.
Ўзбекистонда 2024 йил 14 ноябрида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш муҳим экани таъкидланган.
Тошкент метросида йўловчи сони юз миллионга кўпайди
2024 йилда Тошкент метрополитени 270,3 миллион йўловчи ташиди, дея маълум қилди Статистика агентлигининг матбуот хизмати.
Шу тариқа 2023 йилга нисбатан йўловчилар сони 98,3 миллион нафарга ёки 57,2 фоизга ортган.
Таҳлилларга қараганда, пойтахт метроси хизматидан 2020 йилда 38,8 миллион, 2021 йилда 101,8 миллион, 2022 йилда 136,7 миллион ва 2023 йилда 172 миллион йўловчи фойдаланган.
2024 йил 16 декабрида Тошкент метроси илк бор бир кунда бир миллион йўловчига хизмат кўрсатган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори билан жорий йил 1 январидан пойтахт жамоат транспорти, жумладан, метрополитенда йўлкира ҳақи оширилган.
Сўнгги йиллар мобайнида метрода поездларда тутун чиқиши ёки поезднинг тўхтаб қолиши каби ўнлаб кўнгилсизликлар кузатилган.
Манипуляцияда айбланган дон корхоналари жаримага тортилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси 3 та дон корхонасига нисбатан молиявий жарима қўллади.
Қўмита матбуот хизмати қайдича, “Қўрғонтепа дон махсулотлари”, “Асака дон маҳсулотлари” ҳамда “Андижондонмаҳсулот” АЖлар юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларнинг биржа савдолари орқали реализация қилишда манипуляция ҳаракатларини (графикка риоя қилмаслик, кунлик белгиланган ҳажмларда маҳсулотларни биржа савдосига қўймаслик) содир этган.
Жумладан, “Қўрғонтепа дон махсулотлари” АЖ 724,2 тонна буғдой уни ва омухта ем маҳсулоти, “Асака дон маҳсулотлари” АЖ 1394 тонна буғдой уни ва омухта ем маҳсулоти ва “Андижондонмаҳсулот” АЖ эса 509,2 тонна буғдой уни маҳсулоти савдосида қонун бузилишига йўл қўйган.
Жарима қўллаш билан бирга мазкур корхоналарга келгусида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилган.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси пахта маҳсулотлари cавдосида манипуляция ҳаракатларини содир этгани учун Самарқанд вилоятидаги корхонага чора кўрганди.
Саида Мирзиёева ЖСТга аъзолик юзасидан ахборот берди
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича 23 та мамлакат билан музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ёрдамчиси Саида Мирзиёева Телеграмдаги расмий саҳифасида мухтасар ҳисобот эълон қилди.
Унга кўра, 2024 йили ЖСТ ишчи гуруҳи иккита муҳим йиғилиш ўтказди. Бу Ўзбекистонга аъзоликнинг асосий ҳужжати – Ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳасини тайёрлашга киришишга имкон берди. Қисқа вақт ичида бизнесни ва рақобатни янада шаффоф қилиш учун 20 та муҳим қонун қабул қилинди.
Ўтган йили мамлакат ЖСТга аъзолик бўйича “катта қадам ташлаган”ини қайд этган Саида Мирзиёева бу ўзгаришлар “президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган қатъий иқтисодий ислоҳотлар натижаси” эканини урғулаган.
“Тез орада ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун жорий йилда ҳам биз шу суръатда давом этамиз. Бу мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши ҳамда ўзбек бизнесининг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига кириб боришини таъминлаши лозим”, деб ёзган С. Мирзиёева.
Озодлик аввал хабар қилганидек, ўтган йил ноябрь ойида Ўзбекистон АҚШ билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади.
Йил мобайнида Хитой ва Япония каби иқтисодий гигантлар билан ҳам ўзаро битимга эришилди.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июль ойида қайта бошлаган. Расмий Тошкент аъзолик жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканини билдирган. Жумладан, 2024 йил 5 июнь куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилган президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг тез фурсатда мазкур халқаро тузилмага аъзо бўлиш истагини урғулаган.
2023 йил август ойида мамлакат қонунчилигини ЖСТ келишувларига уйғунлаштиришга қаратилган фармон қабул қилинган.
2024 йил октябрида мамлакатнинг техник тартибга солиш соҳасидаги қонунчилигини халқаро ташкилот талабларига мослаштириш бўйича вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон – ЖСТ билан ташкилотнинг бутун тарихи давомида энг узоқ музокара олиб борган давлат. Музокаралар бошланганига 31 йил тўлмоқда.
ЖСТ аъзо давлатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал халқаро ташкилот ҳисобланади. Унга аъзолик рақобатбардошлик ва савдо ҳажмини оширишга кўмаклашади.
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги "Довут ота" ўтказиш маскани уч ойга ёпилади
Жорий йилнинг 1 февралидан Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги “Довут ота” (“Тажен”) назорат ўтказиш маскани 3 ой муддатга ёпилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълум қилди.
“Мазкур чекловлар чегара ўтказиш пунктларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан Қозоғистон Республикаси томонидан жисмоний шахслар ва транспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда”, дейилган хабарномада.
Қўмита “Довут ота” чегара маскани ёпилиши муносабати билан чегарадан кесиб ўтувчилардан “Яллама”, “Зангиота”, “Оқ олтин” ва “Малик” чегара пунктлари орқали ҳаракатланишни сўраган.
Божхона қўмитаси айни пайтда рухсат этилган вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларининг “Довут ота” божхона маскани орқали ҳаракати тўхтатилмаслиги, аксинча узлуксиз давом эттирилишини қўшимча қилган.
Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўл бўйича шартномани узайтирди
Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темир йўлидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича шартномани узайтиришга қарор қилишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирлик қайдича, мазкур келишувга Афғонистон Жамоат ишлар вазирининг темир йўл масалалари бўйича ўринбосари М. И. Соҳибзода бошчилигидаги делегациянинг жорий йил 21-23 январь кунлари Ўзбекистонга сафари доирасида эришилган.
Музокараларда Ўзбекистон делегациясига транспорт вазири Илҳом Маҳкамов етакчилик қилган.
Икки мамлакат расмийлари ўртасидаги келишувга мувофиқ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Сўғдиёна транс” МЧЖ “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темир йўлига хизмат кўрсатувчи оператор мақоми сақлаб қолинади.
“Ўзбекистон темир йўллари” нинг “Сўғдиёна транс” шўъба корхонаси 2011 йил декабрида “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темир йўлини бошқариш ва таъмирлаш мақсадида ташкил этилган эди.
Фирибгарликда гумонланган шахс Туркиядан экстрадиция қилинди
Фирибгарликда айбланиб, Ўзбекистон расмийлари томонидан 2023 йилда қидирувга берилган ўзбекистонлик 33 ёшли йигит Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълум қилди.
Дипломатик ваколатхона қайдича, А. И. исмли бу шахс Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
“Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, шунингдек, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиш сўралади”, дейилган бош консулхона хабарномасида.
Озодлик ўтган йилнинг сентябрь ойида фирибгарлик айблови билан Истанбулда қўлга олинган икки нафар ўзбекистонлик қўлга олиниб, Тошкентга депортация қилингани ҳақида хабар қилган эди.
Ҳуқуқбон Ташанов аэропортда таҳқирли муомалага дуч келди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Тошкент халқаро аэропортида таҳқирли текширувга рўбарў бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаолининг ўзи Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.
Ташановга кўра, Деҳлига учиб кетиш олдидан Ислом Каримов номидаги аэропортда унинг шахсий ашёлари солинган жомадонини титиб ташлашган, паспортини олиб қўйиб, бир соатдан кўпроқ ушлаб туришган.
“Ечинтириб, чотимгача текширишди. Ўта ҳақоратомуз муносабатда бўлишди. Кимга шикоят қиламан, ҳатто билмайман”, деб ёзди таниқли ҳуқуқбон.
Ташанов аэропорт ходимларининг юз-кўзида хижолатчилик сезганини, “Ака, хизматчилик, сизни таниймиз”, дейишганини қайд этди.
“Ҳуқуқ ҳимоячиси бўла туриб, ўзгалар ҳуқуқини ҳимоя қилиб, шарафсизлар олдида ожиз қолдим. Соғлиғимга путур етди, ўтган ҳафта шифохонадан чиққандим", деб ёзди “Эзгулик” раҳбари.
Абдураҳмон Ташановга нисбатан Тошкент аэропортида қилинган таҳқиромиз муомала ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаолларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Хусусан, таниқли ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад “Абдураҳмон Ташановни Тошкент аэропортида таҳқирлаган ходимлар эртага ҳуқуқлари бузилса, шу одамга мурожаат қилишади”, деб ёзди.
“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни расмий Тошкент позициясидан туриб эмас, балки халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрлари талабидан келиб чиққан ҳолда ёритиб келаётган кам сонли ҳуқуқбон ва журналистлардан биридир. У мамлакатда юз бераётган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларга кечикмай муносабат билдириб келади. Масалан, куни кеча у собиқ депутат ва фаол Қобул Дўсовнинг қамоққа олинишига муносабат билдириб чиққан эди.
Собиқ депутат Қобул Дўсов озодликдан маҳрум этилди
Собиқ маҳаллий кенгаш депутати ва фаол Қобул Дўсов Тошкент шаҳар, Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 24 январдаги ажримига кўра 11 ой 2 кун муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Унга жазони манзил колонияда ўташ белгиланди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов Телеграм каналида хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Қобул Дўсов унга нисбатан аввал чиқарилган суд ҳукмини бузганлиги учун шундай жазога тортилган.
"Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ К. Дусов (1984 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди.
Суд ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 48-1-моддасига (озодликни чеклаш) асосан К. Дусовга сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланиши ва унга қўшимча интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ҳамда маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланиши белгиланган", дейилади хабарда.
Суд Қобул Дўсовни унга берилган озодликни чеклаш жазоси қоидаларини бузганликда айбдор деб топган.
Қонунчиликка кўра, озодликни чеклаш сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланиши ва унга қўшимча интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмасликни назарда тутади.
Шунингдек, Дўсовга нисбатан ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ҳамда маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланиши ҳам белгиланган.
Қобул Дўсов олдинроқ Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда ҳукумат мулозимларини танқид қилган фаолларнинг қамалишини қонунчиликдаги "икки хил стандарт" деб атаганди.
Самарқандда танишини пичоқлаб ўлдирган шахс 18 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди 42 ёшли аёлни ўлдирганликда айбланган шахсга нисбатан ҳукм ўқиди.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, 51 ёшли айбланувчи эркак муқаддам тўрт марта судланиб, рецидивист ўлароқ кўрилган. Унинг исми ошкор қилинган эмас.
Қайд этилишича, жиноят содир бўлган куни маст ҳолатда бўлган эркак ўзи билан таниш бўлган аёлни учратиб қолган ва улар биргаликда ичишган. Кейинроқ улар ўртасида жанжал келиб чиққан, жанжал давомида эркак аёл баданига пичоқ билан бир неча марта зарба берган. Шундан сўнг у аёл жасадини уйидан олиб чиқиб, йўл четига улоқтирган.
Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартиботчиларга у аввалига қотилликка алоқаси йўқлигини айтган, бироқ кейинчалик айбига иқрор бўлган.
Судда жабрланувчи аёлнинг онаси айбланувчига олий жазо берилишини сўраган. Суд айбига иқрор бўлган эркакни қотилликда айбдор деб топиб, уни 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Озодлик январь ойи бошида 19 яшар ҳарбий хизматчи беш кишини пичоқлагани ҳақида хабар қилган эди.
Сенатда озиқ-овқат хавфсизлигига оид қонун маъқулланди
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 23 январь куни бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишган.
Юқори палата матбуот хизмати қайдича, қонундан мақсад мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
“Қонун нормалари аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади”, дейилган хабарномада.
Ҳужжат билан озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир.
Шунингдек, қонунда давлат озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантириши қайд этилган.
Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ваколатли давлат органи сифатида белгиланган.
Вазирликка республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби ваколатлар берилади.
Қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган.
Муҳокама ортидан сенаторлар мазкур қонунни маъқуллашган.
Озиқ-овқат хавфсизлигига оид қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистонда картошка нархи кескин ошиб бораётган пайтга тўғри келди. Таҳлилчилар картошка нархи кўтарилишини Қозоғистоннинг Ўзбекистонга картошка экспортини олти ойга тўхтатишга оид қарори билан боғлашмоқда. Бу ҳақда Озодлик 23 январь куни таҳлилий мақола чоп қилган эди. Расмий маълумотга кўра, ўтган йили Ўзбекистон импорт қилган картошканинг деярли 75 фоизи Қозоғистондан олиб келинган.
Мирзиёев Европа Кенгашининг янги раҳбари билан мулоқот қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 январь куни Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта билан телефон орқали мулоқот қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида Мирзиёев Коштани Европа Кенгаши раҳбари лавозимига сайлангани билан табриклаган. Португалиялик 63 ёшли сиёсатчи Антониу Кошта Европа Кенгаши президенти лавозимига ўтган йилнинг 1 декабридан киришган.
Хабарномада 2024 йили Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард евродан ошгани, Европа ширкатлари билан лойиҳалар портфели 30 миллиард еврога етгани қайд этилган.
Мирзиёев билан Кошта мулоқотида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тез фурсатда имзоланиши ўзаро муносабатларнинг бутун мажмуини ривожлантиришга жиддий туртки бўлиши”га ишонч билдирилган.
Ўзбекистон президенти ўтган йилнинг июль ойида Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенга йўллаган табрик мактубида Ўзбекистон ЕИ билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори эканини маълум қилган эди.
Мирзиёев ва Коштанинг кечаги мулоқотида, қайд этилишича, халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Шунингдек, суҳбат чоғида апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши кутилаётган “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма режалар ҳам муҳокама қилинган.