Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қозоғистон картошка экспортига чеклов қўйгани ортидан мамлакатда ушбу маҳсулот нархи ошиб кетиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
“Мамлакатимизга картошка импорти фақат Қозоғистон Республикасига боғланиб қолмаган. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини диверсификация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар самараси туфайли айни пайтда қўшни Қозоғистондан ташқари Покистон, Қирғиз Республикаси ва Афғон Ислом Республикаларидан ҳам картошка импорт қилиш йўлга қўйилган”, дейилади баёнотда.
Вазирлик қайдича, ўзаро келишувга мувофиқ, 2025 йил январь – май ойларида Ўзбекистонга Эрон ва Покистондан 100 минг тоннадан жами 200 минг тонна картошка келтирилади.
Вазирлик, шунингдек, Сурхондарё вилоятида январь ойида 7,5 минг гектар ҳамда февраль ойида барча вилоятларда (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари) 28,5 минг гектар майдонда картошка экилиб, апрель ойида 70 минг тонна, май ойида 450 минг тонна ҳосил етиштирилишига ишонтирган.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг картошкага бўлган йиллик талаби 4 миллион тоннани ташкил этади. 2024 йилда 3,7 миллион тонна картошка етиштирилган. Ҳосилнинг 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган.
2024-2025 йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари 245,5 минг тонна картошкани захирага жамғарган.
Расмий баёнотда фуқароларга “картошка нархи ошиши ҳақидаги бир томонлама хабарларга алданиб қолмаслик” уқтирилган.
Озодлик Қозоғистон ҳукумати 18 январдан бошлаб картошка экспортини олти ойга чеклагани ҳақида хабар берганди. Бу қарор картошканинг, хусусан, Ўзбекистонга экспорт ҳажми ошиши ва нархи кескин кўтарилиши фонида қабул қилинган.
Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига қараганда, 2024 йилнинг январь – ноябрь ойларида Ўзбекистонга 627 минг тонна картошка импорт қилинган. Бунинг 74,2 фоизи ёки 465,2 минг тоннаси Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.